ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ОНЛАЙН НАЗОРАТ-КАССА МАШИНАЛАРИ ВА ВИРТУАЛ КАССА ТИЗИМИ ҚЎЛЛАНИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фискал модулга эга бўлган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимидан фойдаланишини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1.Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 февралдаги 150 сон қарорининг ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассани қўллаш бўйича тажриба ўтказилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сон Фармони билан Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги (кейинги ўринларда график деб аталади) тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2.Қуйидагилар:

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар 2-иловага мувофиқ;

Онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг давлат реестрини юритиш ҳамда уларга қўйиладиган алоҳида талаблар 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари аҳолидан нақд пулларни қабул қилишда графикда белгиланган муддатга қадар онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ихтиёрий, белгиланган муддат тугаганидан кейин мажбурий равишда ўтадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сон Фармонининг 4-банди, иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

4.Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5.Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 февралдаги 150-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6.Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

    тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу қарор билан тасдиқланган талабларга (низомларга) риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин;

  манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ўртасида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кенг тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилишини таъминласин.

7.Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

 

Манба https://lex.uz/docs/4603329

 .